Ўт пуфаги саратони кимларда кўп учрайди
Ўт пуфаги саратони — кам учрайдиган онкологик касаллик. У одатда 50 ёшдан ошган кишиларда аниқланади. Асосий хавф гуруҳига мансуб тоифа — аёллар.
Бу патологияни келтириб чиқарувчи сабаблар кўп бўлиб, ўт-тош ва жигар касалликлари, ўт пуфаги полиплари ва инфекциялари, сурункали холецистит, чекиш, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, нотўғри овқатланиш, семизлик, кимёвий канцерогенлар муҳитида ишлаш каби омиллар шулар жумласидан.
Хасталик чоғида қорин оғриғи, айниқса, қориннинг юқори ўнг қисмида шишиш, тана ҳарорати кўтарилиши, сабабсиз вазн йўқотиш, кўнгил айниши, қайт қилиш, терида қичишиш, баданда, пешоб ва ахлатда сарғайиш белгилари кузатилади.
Аммо ушбу аломатлар бошқа хасталиклар симптомлари билан жуда ўхшашлиги туфайли кўпинча бу патологияга кеч босқичда ташхис қўйилади. Оқибатда беморнинг саломатлиги ва ҳаёти жиддий хавф остида қолади.
Касалликнинг тўрт ривожланиш босқичи бор. Илк босқичда ўсимта фақат ўт пуфагининг шиллиқ қаватига, иккинчи босқичда мушак қаватига таъсир қилади. Бироқ у бошқа органларга тарқалмайди.
Учинчи босқичда неоплазма ўт пуфагидан ташқарида ўсиб, лимфа тугунларига таъсир қилади. Сўнгги босқичда хавфли ўсма жигар бўйлаб тарқалади.
Агар беморда ўт пуфаги саратони эрта босқичда аниқланса, бу дарддан тўлиқ халос бўлиш эҳтимоли юқори. Муолажалар касаллик босқичига, саломатлик кўрсаткичларига кўра индивидуал равишда белигиланади.
Кўп ҳолларда жарроҳлик аралашуви қўлланилиши мумкин. Бунда ўт пуфаги, уни ўраб турган тўқималар, ҳатто жигар ва лимфа тугунларининг бир қисми олиб ташланиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, кимётерапия ёки радиотерапия, баъзи ҳолларда икки муолажа усули комбинацияси ҳам қўлланилади.
Шарҳлар