Табиий газга ноқонуний уланиш натижасида давлат манфаатларига 198.2 млн сўм зарар етказилган

Фото: Бош Прокуратура ҳузуридаги Департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан “Ромитантумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар тезкор тадбирда, “S.S.” фермер хўжалиги раҳбари С.Р. фермер хўжалигига қарашли иссиқхонани ўзбошимчалик билан газ тармоғига улаб, давлат ва жамият манфаатларига 198,2 млн сўм зарар етказганлиги аниқланган. Бу ҳақда Департамент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шунингдек, Департаментнинг Андижон туман бўлими томонидан ДХХ ва “Ҳудудгаз Андижон” филиали ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Ш.И. Олтинкўл тумани, “Миробод” МФЙ ҳудудида иссиқхона ташкил этиб, ўзбошимчалик билан газ тармоғига уланиб, 103,8 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.