Судлар томонидан 1 млрд сўмлик даъво тадбиркорлар фойдасига ҳал этилди

Фото: review.uz

1-чоракда тадбиркорлардан 2 340 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан кўриб чиқилган мурожаатларнинг 548 таси (45 фоизи) бўйича тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган ва 678 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, деб хабар бермоқда Бизнес омбудсман ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова.

Келиб тушган мурожаатлар хусусиятлари бўйича таҳлил этилганда:

  • 13 фоизи солиққа оид;
  • 11 фоизи банк, кредитга оид;
  • Қолган мурожаатлар эса ер, кадастр ва архитектура, суд қарори ва ижроси, текширувлар, инфратузилма ва бошқа масалаларга оидлиги маълум бўлган.

Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали эса 2 003 та мурожаат  келиб тушган бўлиб, кўриб чиқилган мурожаатларнинг 527 таси (27 фоизи) ҳал этилган, 1 384 тасига тушунтириш берилган ва 35 таси рад этилган.

Мурожаатлар асосида тадбиркорларга 2,35 млрд сўм пул маблағи ундиришда, 1,02 млрд сўм асоссиз тўланган солиқ суммаларини қайтаришда, 1,10 млрд сўмдан ошиқ кредит ажратилишида ёрдам кўрсатилган.

Хабарга кўра, «тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жами 604 та таъсир чораси, шундан 1,9 млрд сўмлик 23 та даъво аризаси, шикоят, 17 та тақдимнома, 7 та хулоса, 2 та огоҳнома ва 564 та маъмурий жавобгарликка тортиш чораси қўлланилган. Натижада, судлар томонидан 1 млрд сўмлик даъво тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган».

Тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича Бизнес-омбудсман девони томонидан 86 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, улар бўйича 102 та таклиф ва эътирозлар юборилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.