Taftish.uz нашрининг собиқ раҳбарига нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Гайрат Абераев
Фото: Гайрат Абераев / Facebook

Taftish.uz интернет нашри собиқ раҳбари Ғайрат Абераевга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди, деб ёзади “Газета” нашри Бухоро вилояти прокуратурасининг ахборот хизмати хабарига таянган ҳолда.

Мазкур хабар вилоят прокуратурасининг Telegram`даги саҳифасидан олиб ташланган. «Газета.uz» мухбири ташкилот матбуот хизмати билан боғланганда бунинг техник носозлик туфайли юз бергани ва яқин орада хабар қайта жойлаштирилиши айтилди.

Хабарга кўра, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Шофиркон тумани бўлими томонидан Абераевга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Айблов

Прокуратуранинг қайд этишича, Ғайрат Абераев Шофиркон тумани ҳудудида яшовчи фуқароларни алдаб, Taftish.uz сайтининг ижтимоий тармоқлардаги канали орқали уларнинг муаммоларини ҳал қилиб бериш эвазига жуда кўп миқдордаги пулларини олиб, шахсий эхтиёжларига ишлатиб юборган.

У, хусусан, 2020 йил октябрда муқаддам Конимех туманидаги «Алибек Ислом» МЧЖ раҳбари А.И.га қарашли бўлиб, кейинчалик туман Қоракўлчилик ширкати балансига ўтказиб юборилган 1400 гектар яйлов ерларни фермер хўжалиги номига қайта расмийлаштириб бериш эвазига А.И.дан 5000 доллар ва бошқа моддий қимматликларни олиб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаган.

Шунингдек, нашрнинг собиқ раҳбари фуқаро Қ.Х.дан туман ҳокимлиги захирасига олинган 1800 гектар яйлов ерларни унинг ўзига қайтариб олишда ёрдам беришини айтиб, эвазига 22 минг долларни олиб, “талон-торож қилган”.

Прокуратура маълумотларига кўра, у фуқаро М.С.га Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан содир этган жинояти учун қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган вақтда (2022 йил ноябрь) унинг отаси И.С.га ўғлини қамоқдан чиқаришга ёрдам беришини айтиб, ундан 5000 долларни фирибгарлик йўли билан олган (терговга қадар текширувда М.С.нинг апелляция судлов босқичида жабрланувчи билан ярашгани сабабли қамоқдан озод этилгани аниқланган).

2022 йил апрель ойида фуқаро А.Ҳ.нинг Андижон вилоятида Миллий гвардияда ишловчи укаси А.Ҳ.нинг ишини Бухоро вилоятига кўчириб бериш эвазига ундан фирибгарлик йўли билан 800 доллар олган.

Бундан ташқари, у 2021 йил баҳорида Ж.У.дан 10−15 кунда қайтариб бериш шарти билан 500 доллар олиб, ҳозирга қадар қайтармасдан, алдаб келган.

«Қайд қилинган ҳолатларда Абераев фуқароларни алдаш орқали уларнинг жами 33,3 минг долларини ўзлаштириб, талон-торож қилиб юборган», — дейилади прокуратура хабарида.

2023 йил 6 ноябрь куни у Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан фирибгарлик), 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) ҳамда 25, 211-моддаси 2-қисми «а» банди (Такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу кодекснинг 210 ёки 212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан пора бериш) билан ишда айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда Пешку тумани ички ишлар бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вилоят прокуратурасининг қўшимча қилишича, айбланувчи ушбу эҳтиёт чораси қўлланганидан бошлаб 10 кун ичида ўз хоҳиши билан тегишли ташкилотга келмаса, унга нисбатан қидирув эълон қилинади.

Ғайрат Абераев ўзининг Facebook саҳифасига охирги марта 4 ноябрь куни пост жойлаган. Шу йилнинг 20 октябрида ёзган постида эса Taftish.uz раҳбарлигидан, умуман, ушбу оммавий ахборот воситаси жамоасидан бутунлай кетганини эълон қилган.

«Ҳозирги кунда мустақил равишда ижтимоий тармоқларда фаолият юритмоқдаман. Келажакда бирор-бир оммавий ахборот воситасида фаолият юритиш ёки юритмаслик ҳақида ҳали ўйлаб ҳам кўрганим йўқ. 3 октябрь куни мазкур ахборот агенлигига Ўлмас Тўлаев раҳбар этиб тайинланган», — дея таъкидлаган Абераев.

КТЯДР маълумотларига кўра, Taftish.uz 2019 йил сентябрь ойида яратилган. Айни пайтда унинг директори Шоҳрух Нусратов, таъсисчиси эсаУмида Эшмуродова ҳисобланади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.