Талабаларнинг пойтахтга қайтишига саноқли кунлар қолди, ётоқхона муаммоси қандай ҳал қилинади
Талабаларнинг пойтахт Тошкент шаҳрига қайтишларига ҳам саноқли кунлар қолди. Лекин, ёзги дамдан куч-ғайратга тўлиб келаётган талабалар аксариятининг ҳаёли ўқишда эмас, балки, “Иложи бўлса талабалар турар жойига жойлашиш ёки арзонроқ жойдан квартира топиш”. Тўғри, масъул ходимлар ушбу масаслани ҳал қилишга уринаётган бўлса ҳам, муаммо талабалар сони билан биргаликда ўсишда давом этмоқда.
Қонунчиликка кўра, ётоқхонага асосан кундузги таълим шаклида таҳсил олувчи талабалар жойлаштирилади. Статистик маълумотларига кўра, охирги 4 йилда давлат ОТМнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар сони қуйидаги рақамларда акс этмоқда.
2020/2021-ўқув йили бошига 441,8 минг нафар;
2021/2022-ўқув йили бошига 553,9 минг нафар;
2022/2023-ўқув йили бошига 622,6 минг нафар;
2023/2024-ўқув йили бошига 661,8 минг нафарни ташкил этган.
Бу йил давлат олий таълим муассасаларида кундузги таълим шакли учун 127 995 та жой ажратилган бўлса, уни битирувчилар сони 86 458 нафарни ташкил қилмоқда. Бу турар жойга муҳтож бўлган талабалар сони янада ортишининг исботидир.
Маълумот учун, 2023-йилда республика бўйича йил якунига қадар 18 минг ўринли талабалар турар жойларини фойдаланишга топшириш вазифаси белгиланган эди. Ўтган йили 1-июл ҳолатига кўра эса 4 минг 702 ўринли 12 та талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилган. Айни пайтда эса 24 минг 394 ўринли 51 та талабалар турар жойларини қуриш ишлари давом этмоқда, дейилади вазирлик ахборотида. Бу жараёнлар қачон якунланади, бу ҳамон савол остида.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова эълон қилган маълумотларга кўра, ҳозирда жами 112 та олийгоҳда, 338 та талабалар турар жойи мавжуд. Уларнинг сиғими эса 127 минг 792 ўринни ташкил этади. Шунингдек, 2024-йил давомида талабалар турар жойларини қуриш ҳисобига 27 мингта ўрин яратиш топшириғи берилган ва ҳозирда 34 минг 320 ўринга мўлжалланган 67 та талабалар турар жойи қурилмоқда. Давлат дастурида белгиланган талабалар турар жойлари жорий йил якунига қадар қуриб фойдаланишга топширилиши белгиланган. Бироқ, бу ишлар якунландими ёки йўқ ҳали кўпчилкга қоронғу.
Ҳозирда давлат ОТМларида талабаларнинг турар жойга жойлашишига кўмак берувчи марказлар ташкил этилмоқда ва жорий йилги ўқув йилида ҳам ётоқхона билан қамраб олинмаган ҳамда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларининг 60 фоизига ойлик ижара тўловининг бир қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилиши ҳам режа қилинган.
Хўш, мана шу қилинаётган сай-ҳаракатлар ҳар янги ўқув йили бошида, асосан, пойтахтда муаммо бўладиган ҳолатни юмшатишга ёрдам берадими? Жорий йилда ҳам талабалар аввалги йиллардагидек, яқинлари ва юклари билан эрталабдан кечқурунгача ётоқхона жавобини кутиб, университет дарвозаси олидида сарғайиб ўтирмайдими ёки ўриндиқларда тунаб қолишга мажбур бўлмайди?
Бу саволларга жавоб олиш мақсадида Anhor.uz Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига Ахборот сўрови юборади. Натижаси ва жорий йилги ўқув йилида талабалар билан боғлиқ шунга ўхшаш содир бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида кейинг мақолаларимизда ёритилади…
Аввалги ўқув йили олдидан Anhor.uz тайёрлаган материал бу ерда.
Умида Якупова
Шарҳлар