Таълим кредитларини молиялаштирувчи жамғарма ташкил қилинмоқда

Тижорат банкларини таълим кредитлари бўйича молиявий ресурслар билан таъминлаш мақсадларида президент Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитларини молиялаштириш жамғармасини ташкил қилишни топширди. Бу ҳақда давлат раҳбари томонидан имзоланган қарорда сўз боради.

2021 йилда Жамғармага Давлат бюджетидан  камида 1 триллион сўм, кейинги йилларда ҳақиқий талабдан келиб чиқиб маблағлар ажратилади.

Жамғармани молиялаштириш манбалари:

– Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

– Жамғарма томонидан аввал ажратилган ресурсларнинг қайтишидан тушадиган маблағлар ва улардан олинадиган фоиз тўловлари;

– Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштириш ҳисобига фоизли тушумлар;

– Халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари, ҳомийлик, грант маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда Молия вазирлигида алоҳида очиладиган шахсий ғазна ҳисобварағи шаклида ташкил этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.