Таннарх баландлиги учун Фарғонадаги цемент заводлари бошқа мамлакатлар билан рақобат қила олмайди

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги етти йилда республика саноати 1,6 баробар ўсгани билан, Фарғона бу кўрсаткич бўйича республикада энг охирги ўринда.

Вилоят саноатининг ярми Фарғона ва Қўқон шаҳарлари, Учкўприк туманига тўғри келади.

Ўтган йилларда вилоятга киритилган ҳар бир минг доллар хорижий инвестиция солиқ тушумларини ўртача 207 долларга кўпайтирган. Лекин бу кўрсаткич бўйича Тошлоқ, Данғара, Ёзёвон, Риштон ва Учкўприк анча орқада.

Мутасаддиларга мева-сабзавот экспорти ва пахтани қайта ишлашда ҳам камчиликлар борлиги, бу борадаги режалар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Таннарх баландлиги учун Фарғонадаги цемент заводларининг маҳсулотлари импорт билан рақобат қила олмаётгани қайд этилди. Оқибатда 10 та цемент заводи қувватининг учдан бирида ишлаяпти.

Бу вилоят ҳокими ўринбосарлари корхоналардаги таннарх ва энергия сарфини камайтириш бўйича ишламаётганидан далолат.

Шу йилни ўзида вилоятда 9 минг хонадонли 220 та кўп қаватли уй-жойлар қурилаяпти. Вилоятдаги 36 та темир-бетон корхонаси қуввати бу қурилишларнинг 50 фоиз эҳтиёжини қоплашга етади, холос.

Яъни, қурувчилар маҳсулотини бошқа вилоятдан олиб келаяпти. Шу муносабат билан йил якунигача темир-бетон корхоналарини кўпайтириш шартлиги таъкидланди.

Бу йил “Ташаббусли бюджет” доирасида Фарғонадаги 266 та лойиҳага 340 миллиард сўм ажратилди. Лекин уч ойдан бери кўплаб лойиҳалар бўйича ҳали амалий иш бошланмагани қаттиқ танқид қилинди.

Шу ойни ўзида “Ташаббусли бюджет”га вилоят бюджетидан ҳозиргача берилмаган маблағларни ўтказиб бериш топширилди. Бунинг ҳисобига 35 та маҳалладаги электр, газ ва йўл масаласи ҳал бўлади.

Умуман, туманлар маҳаллий бюджетида маблағни кўпроқ қолдириш мақсадида жисмоний шахслардан даромад солиғини ярмини туман бюджетида қолдириш масаласини кўриб чиқиш топширилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.