Наманган ва Сурхондарёда медиа компания тарғиботига йўл қўйган мактаб ва боғча раҳбарлари ишдан олинди
Айрим мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида хайрия тадбирлари баҳонасида медиа компаниянинг тарғиботи ўтказилганлиги юзасидан болалардан тижорий мақсадда фойдаланишга оид бўлган ушбу ҳолатлар Болалар омбудсмани ва ММТВ томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, ҳолатлардан бири Чуст туманидаги 69-сонли умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган бўллиб, Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан таълим мақсадларига зид равишда мактабда таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган тадбирлар ташкил этганлиги учун мактаб директори Ж.Т. га интизомий чора қўлланилиб, у лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, яна бир ҳолат Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги 11-сонли мактабгача таълим ташкилотида ҳам йўл қўйилган бўлиб, Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан бунга йўл қўйган мактабгача таълим ташкилоти мудираси в.в.б. А.З. га ҳам тегишли интизомий чора кўрилиб, у вазифасидан озод этилди.
Ўзбекистон ратификация қилган БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсиянинг 32-моддасида давлат боланинг иқтисодий эксплуататсиядан ҳамда унинг соғлиғи учун хавф-хатар етказиши мумкин бўлган ёки таълим олишига тўсқинлик қиладиган ёҳуд соғлиғи, жисмоний, ақлий, маънавий, ахлоқий ва ижтимоий ривожланишига зарар келтирадиган ҳар қандай ишлардан ҳимоя қилиниш ҳуқуқини эътироф этади, деб белгиланган.
Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида турли медиа тижорат компаниялари тарғиботининг ўтказилиши таълим муассасаларнинг мақсад ва вазифаларига номувофиқ бўлиши билан биргаликда, қонунчилик талабларига ҳам зиддир.
Болалардан бу каби тижорий мақсадларда фойдаланиш — бола эксплуатациясининг бир шаклидир, дейилади хабарда.
Таълим билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай ташвиқот тадбирларига болаларни жалб этилишига нисбатан қатъий муросасиз бўлиш ва бундай номақбул ҳолатларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўриш шартлиги юзасидан Болалар омбудсмани ММТВга тегишли хулоса киритди.
Ҳозирда ММТВ раҳбарияти томонидан таълим муассасаларида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш юзасидан республиканинг барча ҳудудий мактабгача ва мактаб таълим бошқармаларига тегишли топшириқлар берилди.
Шарҳлар