Ташқи ишлар вазирлиги: Айни пайтда Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган
Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати Ўзбекистон афғон қочоқлари учун чегараларни очишга тайёр экани ҳақидаги хабарларни рад этди.
«Айни пайтда хавфсизликни таъминлаш мақсадларида Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган, “Термиз” НЎП орқали чегарани ер устидан кесиб ўтиш амалга оширилмаяпти. Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги “Термиз” НЎПни очиш яқин истиқболда режалаштирилмаяпти», – дейилади хабарда.
ТИВнинг таъкидлашича, сабабларидан қатъи назар чегарани кесиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишга Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ чек қўйилади.
Охирги 12 кун ичида Ўзбекистон ўз фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш бўйича инсонпарварлик амалиётларини амалга оширишда қатор давлатга кўмак кўрсатди.
Вазирлик Ўзбекистон ўз ҳудудида афғон қочоқларини қабул қилмаслигини, балки уларнинг мамлакатда вақтинчалик бўлишини кўзда тутувчи транзитига кўмаклашаётганини яна бир бор билдирди.
Бундан олдин Германия ТИВ раҳбари Ўзбекистон Афғонистондан ўн минглаб фуқароларни эвакуация қилишда Германияга ёрдам беришга тайёр экани ҳақида хабар берганди.
Шарҳлар