Ташаббусли бюджетлаштириш – давлат молиясининг инновацияси сифатида
9-10 ноябрь кунлари Тошкент шаҳри Марказий Осиё, Россия ва Кавказорти мамлакатлари вакиллари иштирокидаги “Ташаббусли бюджетлаштириш – давлат молиясининг инновацияси сифатида” мавзусидаги давра суҳбатига ҳам мезбонлик қилмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Россия Федерацияси, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Арманистон Республикасидан бир қатор вакиллар иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров кириш сўзи билан тадбирни очиб берар экан, давра суҳбатига ташриф буюрган ва онлайн қатнашаётган барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирди.
Шундан сўнг, тадбир доирасида Ташаббусли бюджет амалиёти юзасидан Ўзбекистонда эришилган натижалар ҳамда келгусида кутилаётган мақсад ва вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ташаббусли бюджет лойиҳаси иқтисодий ривожланиш масалаларини ҳал этишда, айниқса, фуқароларнинг билим савияси, инклюзивлик, атроф-муҳит, шаҳарсозлик ҳамда асосий хизматларни ривожлантиришда ижобий ва кучли таъсирга эгалиги таъкидланди.
Ташаббусли бюджетнинг кўп қирралилик хусусияти иқтисодий ривожланишнинг кўп йўналишларини қамраб ола олиш имкониятини беради. Республикамизда фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш тадбирлари 2019 йилдан бошлаган бўлсада, уни хақиқатдан тубдан такомиллаштириш, ривожлантириш ишлари 2020 йилга тўғри келади.
Ушбу тартибни ишлаб чиқишда, бевосита БМТнинг тараққиёт лойиҳаси ҳамда Россия Федерацияси Молия вазирлиги кўмагида хорижий мамлакатлар мутахассисларини жалб қилинган ҳолда ишлар амалга оширилди.
Ташаббусли бюджет лойиҳаси Давлат дастуридан алоҳида мақсад сифатида ўрин олди, бунга кўра 2030 йилга қадар ушбу йўналиш учун ажратилаётган маблағлар миқдрини уч бараваргача ошириш назарда тутилганлиги тадбирда алоҳида қайд этиб ўтилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистонда ташаббускор бюджетлаштиришни ривожлантириш истиқболларини ўзаро тажриба алмашиш ва муҳокама қилиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилади.
Шарҳлар