Tax free офислари бор халқаро аеропортлар сони 9 тага етди

Фото: Солиқ қўмитаси

2023 йил 1 январдан бошлаб чет эл фуқаролари Ўзбекистонда айрим турдаги товарларни сотиб олганда улар томонидан тўланган ҚҚС суммаларини қайтариш бўйича “tax free” тизими жорий этилганди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар беряпти.

«Айни пайтгача Тошкент, Бухоро, Урганч, Самарқанд, Фарғона халқаро аеропортларида хизмат кўрсатиш пунктлари фаолият олиб бораётган эди», – дейилади хабарда.

Яна 4 та – Нукус, Қарши, Термиз ҳамда Навоий халқаро аеропортларида tax free офисларининг тантанали очилиш маросимлари бўлиб ўтди. Tax free офислари мавжуд халқаро аеропортлар сони 9 тага етди.

Таъкидланишича, “tax free” республиканинг барча ҳудудларидаги чакана савдо объектларида қарор билан тасдиқланган рўйхатга киритилган товарларга нисбатан қўлланилади.

Бунинг учун чет давлат фуқароси “Солиқ” мобил иловасида рўйхатдан ўтиши ва харидлари бўйича тақдим этилган онлайн-НКТ фискал чекларини сканерлаши керак.

“Тax free” суммасини ҳисоблаш, уни чет давлат фуқаросининг банк пластик картасига ёки банк ҳисобварағига ўтказиб бериш тизим оператори “Солиқ-сервис” ДУК томонидан амалга оширилади.
“Тax free” суммаси чет давлат фуқаросининг республика ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланган сўнг, харид амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин қайтарилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.