ТДТУ томонидан ўтказилган 1,2 млрд сўмлик давлат хариди бекор қилинди
Тошкент давлат транспорт университети буюртмачилигида 2023 йил 30 май куни ўтказилган 1219,3 млн сўмлик давлат харидида иштирок этган 2 нафар тадбиркорнинг барча ҳужжатлари харид комиссияси томонидан фойдаланилган компьютернинг IP -манзили орқали электрон платформага юкланганлиги аниқланди, дея хабар беради Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
Натижада Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви); 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талаблари бузилган ва бошқа қонунбузилиши ҳолатларига ҳам йўл қўйилган.
Мазкур ҳолатлар бўйича шу куннинг ўзида харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилди ва қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди. Бундан ташқари, ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига сўровнома киритилди.
Агентликнинг тақдимномасига биноан Тошкент давлат транспорт университети томонидан 5 июнь куни харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинди.
Шарҳлар