Техногигантлар Ўзбекистонга 15,2 млрд сўмдан ортиқ солиқ тўлади

Солиқ тизимига киритилган қулаликлар туфайли икки йил ичида 28 та хорижий корхона,солиқ тўловчи сифатида онлайн рўйхатдан ўтди. Улар орасида таниқли брендлар ҳам талайгина, деб ёзади “Спутник” нашри.

Давлат солиқ қўмитасининг маълумотига кўра, дунёнинг етакчи IT компаниялари Ўзбекистон ғазнасига 1,4 миллион доллар солиқ тўлаган.

Жорий йилнинг 9 ойида Facebook 7,6 млрд. сўм, Google Commerce Ltd.– 4,6 млрд. сўм, Apple – 2,2 млрд. сўм, Netflix – 331 млн сўм ва Yandex – 256 млн сўм солиқ тўлаган.

Хабарга кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда 9 та хорижий компания ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатга олинган. Булар – Vaskiani Ventures Limited (Кипр)), Google Cloud EMEA Limited (Ирландия), Spotify AB (Швеция), ADOBE (Ирландия), DELSE, Inc. (АҚШ), Scribd, Inc. (АҚШ), LinkedIn Ireland Unlimited Company (Ирландия), Google LLC (АҚШ) ва Microsoft Ireland Operations Limited (Ирландия).

Шунингдек, Ўзбекистонда икки йил ичида доимий ваколатхонага эга бўлмаган ҳолда жисмоний шахсларга электрон хизмат кўрсатувчи 28 та хорижий компания солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган. Улар орасида Booking.com B.V., Netflix International B.V., Apple, Facebook, Yandex, Huawei каби таниқли брендларни учратиш мумкин.

Қайд этиб ўтамиз, 2020 йил 1 январдан бошлаб рўйхатга олишнинг янги тартиби белгиланган эди ҳамда интернет-компаниялари рўйхатдан ўтиши учун қулайлик яратиш мақсадида Солиқ қўмитаси томонидан онлайн ишлайдиган ҚҚС-офис ишга туширилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.