“Текширса – қўрқади, қўрқса – солиқ тўлайди”, деган қараш билан иш юрмайди – Мирзиёев
Президентимиз таъкидлаганидек, “текширса – қўрқади, қўрқса – солиқ тўлайди”, деган қараш билан иш юрмаслигини ҳамма, айниқса солиқчилар тушуниб етди, деб ёзмоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Содда қилиб айтганда, мансабдорлар тадбиркор билан мулоқот қилишга ўргатилиб, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича туб бурилиш ясалди.
Олти ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди.
Бу – инвесторларнинг Ўзбекистонда бизнес қилишга ишончи ортиб бораётганидан далолат.
Давлат раҳбари ушбу рақамларнинг бирортаси 33 йиллик тарихимизда бўлмаганини қайд этди.
“Ҳали имкониятларимиз бундан карра-карра кўп. Энг муҳими, уларни ишга солишга қодир бўлган сиздек ватанпарвар ва жонкуяр тадбиркорларимиз бор. Аҳолимиз 38 миллионга яқинлашиб бораяпти, уларнинг даромади ҳам кундан-кунга кўпаймоқда.
Қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларимиз мисли кўрилмаган даражага чиқди. Мамлакатимиз маҳаллий корхоналар учун ҳам, чет эл компаниялари учун ҳам катта бозорга, минтақадаги саноат хабига айланиб улгурди”, – деди Президент.
Ҳозирги мураккаб шароитда барча давлатлар ўз юртидаги ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишни устувор йўналиш сифатида кўраётгани таъкидланди. Ўзбекистон ҳам рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича тадбиркорларни янада кенг қўллаб-қувватлайди.
Президент тадбиркорлик учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича муҳим янги ташаббусларни илгари сурди.
Биринчи йўналиш – кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтириш.
Ўтган йили кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш учун янги тизим жорий қилинган эди. Бу борада Бизнесни ривожлантириш банки ва Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ташкил этилиб, йил бошидан 35 мингдан ортиқ тадбиркорларга жами 3,5 триллион сўм микрокредитлар ажратилди.
Бундан ташқари, “Бизнесга биринчи қадам” дастури бўйича тадбиркорликни энди бошлаётган 115 минг аҳолига 1 триллион сўмлик микроқарзлар берилди.
Ушбу тажриба янада кенгайтирилиши белгиланди.
Шарҳлар