Шавкат Мирзиёев Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Беларусь президентлари билан телефон орқали мулоқот қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Беларусь раҳбари Александр Лукашенко билан телефон орқали суҳбатлашди, улар ўз ҳамкасбини таваллуд куни билан қутлади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан 24 июль куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик ва оилавий бахт-саодат, биродар Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил 18-19 апрель кунлари Тожикистонга давлат ташрифи чоғида эришилган, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарлари халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Қирғизистон Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, Ўзбекистон Республикасига тинчлик-осойишталик, равнақ ва барқарор тараққиёт тилади.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Қирғизистон Президентининг яқинда Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар тўпламини, шу жумладан қўшма «йўл харитаси» асосида ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Озарбайжон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Иккинчи Ҳудудлар форуми, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва қатор қўшма маданий тадбирларнинг самарали якунлари мамнуният билан қайд этилди.
Бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг иқтисодий кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларини ҳам муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Беларусь раҳбари Ўзбекистон етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар, кўп миллатли Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Жорий йил 7-9 февраль кунлари Беларусь Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни қабул қилинган «йўл харитаси» асосида амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Шарҳлар