Телеграмда ўйин аккаунтини сотмоқчи бўлган 20 ёшли фирибгар ушланди
Тошкент шаҳри, Учтепа туманида яшовчи 21 ёшли С.И. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 850.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент вилояти, Ангрен шаҳрида яшовчи 20 ёшли К.С. содир этганлиги аниқланди.
«Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган, К.С, жабрланувчи С.И. билан “Телеграм” мессенжерида танишиб, “Mobile Legends Bang” аккаунтини сотиши ҳақида айтиб уни алдаб, ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига 850.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб олган ва ёзишмаларни ўчириб юбориб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган», – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, К.С.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Шарҳлар