Темир йўл станцияси бошлиғи пора билан қўлга тушди
“Темирйўлинфратузилма” АЖнинг Жиззах вилояти Зомин туманидаги Даштобод станцияси бошлиғи ихтисослашмаган дўконларда бошқа товарлар чакана савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ томонидан Тожикистон ҳудудидан Ўзбекистонга олиб келинадиган кўмир маҳсулоти ортилган 100 та юк вагонларини ўзининг танишлари орқали божхона кўригидан навбатсиз ўтказиб беришни ваъда қилади.
Шунингдек, станцияда юкни тушириш жараёнида вагонлар белгиланган вақтдан ортиқ туриб қолган тақдирда темир йўл жаримасини қўлламаслик ҳамда юк белгиланган вақтда тушириб олингани бўйича ҳужжатни расмийлаштириб бериш эвазига МЧЖ вакилидан ҳар бир вагон учун 100 АҚШ долларидан жами 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Тезкор тадбирда станция бошлиғи 40 та вагон учун 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумот учун, мазкур мансабдор шахс муқаддам Жиноят Кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан судланган.
Шарҳлар