“Темурбеклар мактаби”га келгуси ўқув йилидан аёллар ҳам қабул қилинади
Эндиликда “Темурбеклар мактаби”га аёллар ҳам қабул қилинади. Президент қарори (ПҚ–349, 30.10.2023 й.) билан айрим қарорларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра:
– 2024/2025 ўқув йилидан Миллий гвардия Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейига аёл жинсидаги Ўзбекистон фуқароларини қабул қилиш имконияти яратилади;
– Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси Болалар психологияси маркази ишчи ва хизматчиларининг лавозим маошлари оширилади.
Шунингдек, Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси маблағлари ҳисобидан Миллий гвардия бўлинмалари ва ҳарбий қисмларининг объектларига қуёш фотоэлектр станциялари ва қуёш сув иситиш қурилмалари босқичма-босқич ўрнатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олий таълимга жорий қабул даврида 35 тоифадаги абитуриентларга имтиёзлар бўйича танқидий мақола эълон қилинганди. Унда “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига талаба бўлиш учун имтиёзи ҳам танқид қилинган. Жумладан, бу мактаб битирувчиларига ҳарбий йўналишдаги олий даргоҳлар учун тўплаган балининг 30 фоизи имтиёз сифатида тақдим этилади.
Шарҳлар