Тендер сабабли Урганч Давлат университетига нисбатан иш қўзғатилди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Урганч давлат университетида давлат харидлари бўйича қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди, дея хабар беради қўмита матбуот хизмати.
Қўмитанинг вилоят бўлими мутахассислари томонидан бошланғич қиймати 29,7 миллиард сўм бўлган ДХШ асосида амалга оширилаётган етти қаватли талабалар тураржойини қуриш бўйича тендер битими текширилган.
Маълум бўлишича, университет танлов савдоларини ташкил этиш бўйича консалтинг марказига ариза бериш чоғида ётоқхона қурилиши II даражали тармоқ хатари объекти сифатида кўрсатилиб, объектни нотўғри таснифлаган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, бундай объектлар “Шаффоф қурилиш” тизимига III хатар тоифасидаги объектлар сифатида жойлаштирилиши шарт.
Университетнинг ҳаракатлари натижасида тендерда бошқа вилоятлардаги қурилиш компаниялари учун тендерда қатнашиш чекланган.
Университетга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талабларини бузганлик ҳолати бўйича иш қўзғатилди. Буюртмачи ташкилотнинг мансабдор шахсини маъмурий жавобгарликка тортиш эҳтимоли тўғрисида адлия органига маълумот юборилди.
Шарҳлар