Терговдаги шахс ички ишлар биносида вафот этганда айбдорга нисбатан қатъий чора кўриш лозим
“Адолат” СДП Сайловолди дастурида тергов остидаги шахс ички ишлар биносида вафот этган ҳолатда ҳар бир ҳолатни ошкора тергов қилиб, айбдорга нисбатан қатъий жавобгарлик кўриш ташаббусини илгари сурмоқда. Ушбу ташаббус доирасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилмоқда
– қийноқнинг олдини олиш нодавлат-нотижорат ташкилотини тузиш, унинг ички ишлар органлари билан яқин ҳамкорликда ишлаш механизмларини белгилаш;
– қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жиноятини содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш институтлари қўлланилмаслигига оид нормани қонунчиликка киритиш;
– рақамли технологияларни қўллаш, хусусан, фуқаронинг ички ишлар органи биносига кириб келишидан то чиқиб кетгунига қадар бўлган вақтда видеокузатув (бодкамера) назорати остида бўлишини таъминлаш;
– қийноқнинг олдини олиш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш.
Партиямизнинг ушбу таклифлари жорий этилиши асносида ички ишлар ходимлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўлиқ таъминланишига эришилади. Шунингдек, фуқароларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига йўл қўйилишининг олди олинади.
Реклама ҳуқуқи асосида
Шарҳлар