Tesla компанияси 2025 йил ўрталарида янги электромобиль чиқаради
Tesla 2025 йил ўрталарида Redwood ишчи номи остида янги электромобиль моделини чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда манбаларга таянган ҳолда Reuters хабар беради.
Автомобиль оммавий истеъмолчи учун мўлжалланган «ихчам кроссовер» сифатида тақдим этилмоқда. Бошланғич нархи тахминан 25 минг долларни ташкил қилади. Кроссовернинг пастроқ баҳоси компанияга 2023 йилнинг сўнгги чорагида савдолар бўйича Tesla’дан ўзиб кетган BYD каби хитойлик рақиблар билан рақобатлашиш имконини беради, дея тушунтиради агентлик. Манбаларга кўра, Tesla ҳафтасига 10 мингга яқин янги авлод электромобилларини ишлаб чиқариш ниятида.
2023 йил ноябрь ойида компания эгаси Илон Маск прототип тақдимотидан тўрт йил ўтиб Шимолий Америкада янги Cybertruck электр пикапи сотилишини эълон қилганди. АҚШда унинг бошланғич нархи 61 минг долларни ташкил қилади.
Шарҳлар