Ўзбекистонда ОТМларга кириш тест синовлари 14-28 июль кунлари ўтказилади
12 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Унда депутатлар “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тизимини янада такомиллаштириш, шу жумладан, давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш учун имтиҳонларни “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилди.
Кун тартибидаги ушбу масала юзасидан депутатларнинг саволларига Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов жавоб берди.
Конгратбай Шариповнинг қайд этишича, 2024/2025 ўқув йили учун бакалавриатга қабул бўйича рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи жорий йил 5 июнь кунидан бошланди ва 25 июнгача давом этади. Бунинг учун абитуриентларга фақат тест синовлари ўтказиладиган йўналишларга тест топширадиган фанлар, таълим тили, тест топшириш ҳудудини танлаш, шунингдек, ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишларга эса бакалавриат таълим йўналиши ва ижодий имтиҳон топшириладиган олийгоҳни танлаш имконияти яратилди.
Рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи якунлангандан сўнг, 1-25 июль кунлари ижодий имтиҳонлар, 14-28 июль кунлари тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур тадбирлар бўйича вазирлик, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳамда олийгоҳлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, абитуриентлар ижодий имтиҳонда тўплаган балини ўша куннинг ўзида, тестда тўплаган балини эртасига билиши мумкин бўлади. Ижодий имтиҳон ва тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг, 15 кун давомида рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида абитуриентлар тест балларидан келиб чиқиб, 5 тагача олийгоҳ (йўналиш), таълим шаклини, танлов устуворлигини, ижодий имтиҳон ўтказилган йўналишлар учун эса қўшимча равишда танланган йўналиш бўйича яна шунча олийгоҳни танлаш ҳуқуқига эга.
Шарҳлар