Тошкент вилоятида фуқаро “тез ёрдам” шифокорини дўппослади
Жорий йил 1 июнь куни соат 16:35 да Тошкент туманида яшовчи фуқародан бош оғриғи шикояти билан мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Тошкент тумани ҳокимлиги хабар бермоқда.
Чақирув соат 16:39 да энг яқин “Янгиобод” шохобча бригадасига узатилган. Шифокор ва фелдшердан иборат бригада манзилга соат 16:45 да етиб борган. Бемор шифокорга бош оғриғи, безовталик, умумий ҳолсизлик шикоятлари борлигини ва буйрак касаллиги бўйича даволанаётганини айтган.
Шифокор беморга қўшимча касалликлари бўйича саволлар бераётган вақтда, бемор шифокордан ишини тезроқ бажаришини талаб қилиб, уни ҳақоратлай кетиб ўрнидан туриб, тўсатдан шифокорнинг юзига мушт билан урган. Шифокорнинг лаби ва пастки жағ соҳасидан қон кетишни бошлаган ва бироз вақтга шифокорда карахтлик ҳолати кузатилган. Ҳолат бўйича ҳудуд профилактика инспекторига хабар берилган.
Шифокор бошқа бригада билан Тошкент тиббиёт академиясининг Юз-жағ жарроҳлиги бўлимига олиб келинган. Жароҳат жойи тикилиб, қон оқиши тўхтатилган. Шифокор ишини давом эттириш мақсадида иш жойига қайтган. Бироз вақтдан сўнг, шифокорда бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши, умумий ҳолсизлик кузатила бошлаган ва зудлик билан госпитализатсия қилинган. Унга “Бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия чайқалиши. Ўнг томон пастки лаб соҳасида тикилган жароҳати. Ўнг пастки жағда юмшоқ тўқималар лат ейиши” ташхиси қўйилган. Ҳозирги вақтда бемор-шифокор бўлимда тиббий муолажаларни қабул қилмоқда.
Таъкидланишича, шифокор ариза билан тегишли органларга мурожаат қилган тақдирда, шифокорни калтаклаган фуқарога нисбатан қасддан жароҳат етказганлик учун жиноий иш қўзғатилади.
Шарҳлар