Ўтган йили ишлаб чиқарилган маиший техниканинг 70 фоизи ички бозорда сотилди
Ҳозирда энергетика, қурилиш, сув хўжалиги, автомобилсозликда электротехника маҳсулотларига талаб кун сайин ошиб бормоқда. Масалан, энергетика соҳасида 36 миллиард долларлик 27 гигаватт электр энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилаяпти.
Кейинги уч йилда сув иншооти, магистрал тармоқ ва тақсимлаш нуқталарига 4 минг 150 та сув ҳисоблагич ўрнатиш, 2026 йилгача 243 та газ тақсимлаш пунктларини янгилаш вазифаси турибди.
Йилига қурилаётган 100 мингта хонадонли кўп қаватли уй-жой ҳамда 13 миллион квадрат нотурар бинолар учун ҳам кабел, трансформатор, иситиш ва совитиш тизимлари, насос, лифт, кузатув воситалари, электр ва газ ҳисоблагичлари керак. Автомобил саноатида ҳар йили 200 миллион доллардан ортиқ электротехника маҳсулоти импорт бўлаяпти.
Ушбу тармоқларнинг барчаси давлатдан имтиёз ва арзон маблағлар олаётганига эътибор қаратиб, Президент мутасаддиларнинг “маҳаллий маҳсулотлар бизни талабга жавоб бермайди, импорт қилишга мажбурман” деган баҳонаси эндиликда ўтмаслигини қайд этди.
Шунингдек, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот давомида электротехника тармоғига оид кўп масалалар ўз ечимини топди. Масалан, факторингдан энг кўп фойдаланувчи ҳам электротехника корхоналари. Йил якунигача соҳага камида 30 миллион долларлик факторинг учун ресурс жалб қилинади.
Ҳозирда ташқи қарз ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда четдан кираётган товарлар божхона божи ва ҚҚСдан озод қилинган. Лекин бу лойиҳаларда қатнашаётган ўзимизнинг корхоналар ҚҚС тўлаётгани оқибатида импорт товарлар билан нарх бўйича рақобат қила олмагани учун бундай лойиҳалардаги иштироки чеклангани кўрсатиб ўтилди.
Эндиликда халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларга етказиб берилган товарлар учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қўшилган қиймат солиғи қайтариб берилиши белгиланди.
Тармоқ корхоналарига ягона талаб – сифат, таннарх ва рақобат. Бунинг учун ишлаб чиқаришга халқаро стандартлар жорий қилиниши ва сертификат мавжуд бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Президент маиший техника ишлаб чиқариш асосан ички бозор ҳисобидан ривожланиб келаётганини қайд этди. Ўтган йили ишлаб чиқарилган маиший техниканинг 70 фоизи ички бозорда сотилган.
Ташқи бозорларда тариф ва нотариф тўсиқлар кўплиги бор гап, лекин экспорт бозорларида йирик узелли йиғиш асосида ишлаб чиқариш қилиб, уларга бутловчи қисм ва ярим тайёр маҳсулотни ортиқча йиғимларсиз етказиб бериш мумкин.
Эндиликда қўшни бозорларга технология, малакали мутахассис ва бутловчи қисмлар етказиб, Ўзбекистонни минтақавий электротехника хабига айлантириш кераклиги таъкидланди ва мутасаддиларга қўшни бозорларда миллий брендларимиз остида камида 15 тадан янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш топширилди.
Шарҳлар