Ўзбекистонда психологлар фаолияти назорат остига олинади

Фото: preocentr.com.ua

Ўзбекистонда ушбу турдаги ёрдам кўрсатишни тартибга солишга қаратилган “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шахноза Холмахаматова маълум қилди.

Психологлар фаолиятига оид қонунчиликни такомиллаштириш зарурати айни пайтда меҳнат бозорида кўплаб психологлар пайдо бўлганлиги билан боғлиқ, дея тушунтирди депутат.

«Жойларда ўтказилган йиғилишларда икки-уч ойлик шубҳали курсларда ўқиб, ўзини психолог сифатида кўрсатиб, одамларнинг қимматли вақтлари ва пулларини ўғирлаб кетаётганларга гувоҳ бўлдик. Томошабинлари миллионлаб одамларни қамраб оладиган ушбу “мутахассислар”нинг ижтимоий тармоқларини ҳам кузатдик. Дарҳақиқат, 5-6 та рисолани ўқиб, одамларнинг ишончини қозониб, уларнинг маънавий дунёсига таъсир ўтказишга ҳаракат қиладиган психологлар кўпайганини кўряпмиз”, — дейди Шаҳноза Холмахаматова.

Бу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўрганилди. Адлия вазирлиги ва бошқа масъул идоралар томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси яқин вақт ичида кўриб чиқиш учун киритилиши режалаштирилган.

“Биринчи ва муҳим қадам аллақачон қўйилди. Психологлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилмоқда”, — дея хулоса қилди депутат.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.