Тиббий ускуналар харид қилишга ва тиббий ходимларнинг малакасини оширишга 100 млн долларгача кредит маблағлари ажратилади

Источник: Народное слово

Ўзбекистон президенти имзолаган қарорга кўра Давлат туман (шаҳар) ва вилоят тиббиёт муассасалари учун замонавий тиббий ускуналар харид қилиш ҳамда улардаги мутахассисларнинг етакчи хорижий тиббий муассасаларда малакасини ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан Молия вазирлигига унинг талабномаларига асосан 2021-2022 йилларда 100 миллион АҚШ долларигача эквивалентдаги миллий валютада йиллик 2 фоиз ставкада кредит маблағлари ажратилади. Бунда, ушбу маблағлар Молия вазирлигининг талабномалари тақдим этилган санадан бошлаб 3 йил муддатгача берилади.

Молия вазирлиги ажратилаётган маблағларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосланган талабномаларига ҳамда белгиланган ставкага кўра қайтариш шарти билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга уларга бюджет ссудаси сифатида ажратади. Бунда, Молия вазирлиги кредит маблағларини республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлашга ва етакчи хорижий тиббий муассасаларда уларнинг мутахассислари малакасини оширишга ҳам йўналтириши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари билан биргаликда хатлов ўтказиш асосида ҳар бир ҳудуд ва муассаса кесимида тиббий ускуналарга бўлган эҳтиёжни аниқлайди ҳамда ссуда маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган ускуналар рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлигига келишиш учун киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари келишилган рўйхатга асосан тиббий ускуналарни харид қилади. Бунда, ушбу жараёнга “O‘zmedimpeks” масъулияти чекланган жамияти агент сифатида жалб қилиниши мумкин.

Тиббий ускуналарни харид қилиш бўйича техник топшириқлар ва тендер ҳужжатлари “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасида комплекс экспертизадан ўтказилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ажратилаётган ссуда маблағларининг самарали ва мақсадли ишлатилиши ҳамда ўз вақтида қайтарилишига шахсан масъул ҳисобланади.

Хорижда малака оширадиган тиббиёт ходимлари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан танлов (конкурс) асосида шакллантирилади ҳамда Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳи томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари мутахассисларининг етакчи хорижий тиббий муассасаларда малакасини ошириш мақсадида Марказда комплекс экспертизадан ўтказиш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.