Ўзбекистонда тиббий ва соғломлаштириш туризми янада ривожлантирилади
“Ўзбекистон Республикасида тиббий ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-335-сон, 23.09.2024 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагилар белгиланди:
— “Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги” (“Medical service hospitality”) дастури амалга оширилади;
— давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ҳамда санаторий ва пансионатлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини мониторинг қилиш тизими жорий қилинади;
— консалтинг – диагностика – даволаш – туроператор – транспорт – тиббий таржимон хизматларини биргаликда кўрсатадиган тиббий туризм кластерлари фаолияти йўлга қўйилади;
— “Авиценна” номи остида Ўзбекистоннинг тиббий ва соғломлаштириш туризми бренди ишлаб чиқилади;
— тоифали (юлдузли) меҳмонхоналар типидаги санаторийлар фаолияти йўлга қўйилади;
— тоғли, шифобахш балчиқ қатламлари бор ҳамда шифобахш сувлар қаторига киритилган ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик сув (термал сув) объектлари мавжуд бўлган ҳудудларда санаторий-курорт зоналари ташкил қилинади;
— 2025 йил 1 апрелгача интернет тармоғи орқали яшовчиларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган махсус электрон дастури (E-mehmon)га уланган хусусий тиббиёт ва соғломлаштириш муассасалари дастлабки 6 ойлик абонент тўлови тўлашдан озод қилинади.
Одатда бирон бир нарса яхши йўлга қўйилган бўлса, уни янада ривожлантириш мумкин.
Бизда тиббиёт туризми ва соғломлаштириш туризми умуман хеч қандай ривожлантирилмаган, ва бунга жахон стандартлари талаб этадиган даражада энг мухим нарса: ҚОНУНИЙ АСОС, яъни керакли хуқуқий ва меъёрий хужжатлар комплекси умуман йўқ.
Тасаввур қилинг, мамлакатимизга соғлиғини яхшилаш ва тиклаш учун келган бирон бир сайёхга зарар етса ёки бирон кор хор бўлса уни хеч қим химояламайди, чунки қонуний иложи йўқ. Бу эса ана шу йўналишдаги туризм маскани сифатида юртимизнинг юзини «қора» қилиши мумкин. Шу томонини хеч ким ўйлаётгани йўқ.
Умуман, мамлакатимизда мажбурий тиббий суғурта энди ривожланаяпти, ва шу аснода тегишли институтционал тиббий ўзгаришлар энди атак чечак қадам қўйа бошлаган.