Томорқа ер эгаларига кредитлар тақдим этилади
Ўзбекистон президенти “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарорга кўра, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 100 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги қарз маблағлари босқичма-босқич 4 йиллик имтиёзли давр билан 9 йил муддатга йиллик 2 фоиз ставкада йўналтирилади.
Шу асосда томорқа ер эгаларига:
- қоида тариқасида, 100 бош парранда, 5-10 бош курка, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй ва эчки, 5 та асалари уяси, интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйиш, шунингдек, ихчам иссиқхоналар, “дала дўконлари” қуриш, артезиан қудуқларини қазиш;
- кичик интенсив боғдорчилик, лимончилик ва узумчилик;
- полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик учун кредит ажратилади.
2026 йил 1 январгача томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорларга омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 150 млн сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда субсидия берилади.
Сув таъминоти оғир томорқа ерлари ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби амал қилади.
Қарорга кўра, 2022 йилда сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини суғориш учун жами 113 та туманда 2 150 та вертикал суғориш қудуқлари ишга туширилади.
2022 йил 1 апрелгача фуқаролар учун мўлжалланган, аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини маркетплейс усулида сотишни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича онлайн маслаҳатлар кўрсатувчи махсус платформа фаолияти йўлга қўйилади. Платформага уланиш ва хизматлардан фойдаланиш бепул бўлади.
Шарҳлар