“Томоша” авжида, “Баҳонани қара, Карл!”, «Бу лаҳзалар учун минглаб ота-боболаримиз жонини фидо қилган ахир», UzAuto Motors бу сафар қандай йўл тутади

Фото: Anhor.uz

Бугун, 25 декабрь куни соат 14:00 дан UzAuto Motors оммавий сегментли автомобиллар учун шартномаларни фақат savdo.uzavtosanoat.uz сайти орқали қайта очди. Бир оз вақтдан кейин сайтда 22 декабрдаги ҳолат такрорланди. Сайт яна ишламай қолди.

Тармоқ фойдаланувчилари, фуқаролар ва блогерлар бунга доимгидек ўз муносабатларини билдиришди. Anhor.uz улардан айримларини бир ерга жамлади.

Собиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг телеграмдаги каналида қуйидагича пост жойлади.

«Томоша» авжида. Кутилганидек бугун соат 14:00 да онлайн шартномалар очилиши ваъда қилинган  savdo.uzavtosanoat.uz сайти соат 14.54 ҳолатига комьютерда ҳам, мобил телефонда ҳам очилмаяпти. Хуллас тушунишимизча «томоша» давом этмоқда”, – деган у.

Блогер ва ҳуқуқшунос Зафарбек Солижонов эса ҳолатга шундай изоҳ ёзган:

“Ўзимни қаерга қўйишни билмаяпман. Бу кунни ўзбек халқи кутганди. Миллат орзуси амалга ошадиган бўлди. Бу лаҳзалар учун минглаб ота-боболаримиз жонини фидо қилган ахир. Дориломон кунлар келди. Кишанларни парчаланг. Ўзлигингиз намоён этинг. Ниҳоят, бир соатдан кейин Cobalt, Labo ва Damas автомобилларига онлайн шартномалар очиладиган бўлди”, – дейилади унинг постида.

Телеграмдаги “Хокимбува” эса мана бундай дейди.

“Баҳонани қара, Карл! 

“UzAuto Motors” сайти киберҳужумга учрагани маълум қилинди.

UzAutoSavdo тизимига автомобиллар учун контрактация бошлангандан сўнг қилинган давомли киберҳужумлар, авторизация сўровларини қайта ишлашда муаммоларни юзага келтирди. Бу ўз навбатида, онлайн савдо тизимининг тўлиқ блокланишига олиб келди”.

Шунингдек, қатор телеграм каналлари ва фойдаланувчилар жараёнларни видеоёзув акс этган кўринишда ҳам жойлаштирган.

Тармоқларда тарқалаётган турли фикрларни бироз пастлатиш мақсадидами ёки ростдан ҳам шундай бўлдими соат 14:00 да очилган шартнома бериш жараёнида катта эҳтимол билан узилишлар содир бўлди. Кечга бориб соат 16:45 да компания;

“Контрактация очилган вақтдан бошлаб, 25-декабрь соат 16:30 ҳолатига кўра, УзАутоСавдо платформасидан фойдаланган ҳолда жами 25 000 дан ортиқ шартномалар муваффақиятли тузилган.

УзАутоСавдо онлайн-савдо тизими 6 740 та киберҳужумга учраган. Умуман олганда, тизимда ушбу вақт оралиғида 2 000 000 дан ортиқ фаол сеанслар ва сонияда 7 000 дан ортиқ янги сеанслар қайд этилди.

Ушбу давр мобайнида компаниянинг Call-маркази томонидан  1500 та мурожаатлар қабул қилиниб, кўриб чиқилди. Агар сизда саволлар туғилса, ҳар қандай ҳолатларда call-марказга мурожаат қилишингиз мумкин. 

УзАуто Моторс жамоаси фойдаланувчилар учун онлайн платформа  мунтазам  ишлашини таъминлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда”, – деган хабарни улашишни бошлади.

Шу маълумотлар эълон қилингач, сайтдаги техник узулишлар бартараф этилган ва айни пайтда savdo.uzavtosanoat.uz сайти одатий режимда иш олиб бормоқда.

Аввалроқ, “Навбатдаги найрангми ёки UzAuto Motors сайтида яна носозлик юзага келдими” мазмунидаги материални ҳам бўлишган эдик.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.