«Тошкент» аэропорти янги перрон автобуслари билан тўлдирилди

Фото: Aex.ru

​​Uzbekistan Airports  компанияси Германиянинг Cobus Industries GmbH ишлаб чиқарувчисидан “Тошкент” аэропорти учун тўртта перрон автобусини харид қилди. Бу ҳақда компания маълумотларига таяниб AVIA.RU хабар беради.

Cobus 3000 паст полли перрон автобуси шу линейкада чиқариладиган энг катта модель ҳисобланади. Автобуснинг узунлиги деярли 14 метр, эни 3 метр бўлиб, 104 йўловчини сиғдира олади – 10 та ўтириш жойи ва 94 та тик туриш жойи. Ушбу модель полни кўтариш ва тушириш учун пневматик тизим билан жиҳозланган. Йўловчилар миниши ва тушишидан олдин автобуснинг полини пастга тушириш ёки саёҳатни давом эттириш учун кўтариш мумкин. Бу функция чамадонли, аравачали йўловчилар ва ногиронлиги бўлган йўловчиларга миниш ва чиқишни осонлаштиради.

Uzbekistan Airports компанияси таъкидлаганидек, ҳаво бандаргоҳининг махсус транспорт паркини янгилаш ва модернизация қилиш бўйича тизимли иш олиб бормоқда. Жумладан, аэродром мажмуасини тозалаш учун янги универсал машиналар, самолётларни муздан тозалаш машиналари, самолётларни шатаклагичлар, двигателлар учун ҳавони ишга тушириш мосламалари, самолёт салонидаги ҳавони кондиционерлаш қурилмалари ва бошқалар харид қилинган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.