Тошкент аэропорти олдида 62 метрли Ўзбекистон байроғи ўрнатилди
Тошкент халқаро аэропорти олдида, кўприкдан тушаверишдаги айланма йўл марказида Ўзбекистон байроғи ўрнатилди.
Пойтахт ҳокимлигининг маълум қилишича, байроқ устунининг баландлиги 62 м, матосининг ўлчами эса 12×24 м.
«Унинг атрофида баландлиги 16 м бўлган 38 та байроқ устунлари ўрнатилган бўлиб, уларда 2×4 м ўлчамдаги байроқлар ҳилпираб туради. Ушбу байроқлар шаҳарда ўтказиладиган миллий ёки халқаро тадбирларга, хорижий делегацияларнинг ташрифига қараб ўзгаради», – дейилади хабарда.
Бундан ташқари, йўл ўтказгичдан аэропортга чиқишдаги айланма йўл олдида фаввора, ўнг томонида эса улкан проекция экрани ўрнатилган.
Айни пайтда атроф ободонлаштирилмоқда, жумладан, аэропорт олдидаги автобус бекатини янгилаш ишлари кетмоқда.
Шарҳлар