Тошкент аэропортида Fly Khiva авиакомпаниясининг биринчи самолёти кутиб олинди
17 январь куни маҳаллий вақт билан соат 09:45 да Fly Khiva маҳаллий авиакомпаниясининг самолёти Тошкент халқаро аэропортига қўнди. ICE8996 рейси Рейкьявикдан (Исландия) Ўзбекистон пойтахтига етиб келди.
Boeing 767-304 юк самолёти Fly Khiva авиакомпанияси паркидаги биринчи самолёт бўлди. Авиакомпания вакиллари яқин келажакда паркни худди шу турдаги самолётлар билан тўлдириш режалари ҳақида маълум қилишди.
Авиакомпания Дубай (БАА), Истанбул (Туркия), Деҳли (Ҳиндистон) ва Гонконгга (Хитой) юк рейсларини амалга оширишни бошлаши режалаштирилган.
Fly Khiva — Урганчда (Ўзбекистон) жойлашган маҳаллий авиакомпания бўлиб, Fly Khiva Group таркибига киради. Авиаташувчи фуқаролик, юк ва бизнес авиациясини ривожлантириш мақсадида 2021 йилда ташкил қилинган.
Шарҳлар