Тошкент аэропортида имконияти чекланган шахслар учун қулай муҳит яратилмоқда

Фото: Uzbekistan Airports

Тошкент халқаро аэропортини реконструкция қилиш доирасида ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус жиҳозларни ўрнатиш бошланди.

Хусусан, пойтахт аэропортининг учиб келиш ва учиб кетиш заллари кўзи ожиз ва заиф кўрувчи шахслар учун қулай муҳитни ташкил этиш учун тифлотехник воситалар, барча тоифадаги ногиронлар фойдаланиши мумкин бўлган ахборот воситалари (Брайл алифбоси, аудиоёзувлар, кўриш ва эшитиш қобилияти заифлар учун махсус воситалар, сурдо-таржимон, махсус видеолар учун экран), тактил пиктограммалар ва индикаторлар, товуш ва тактил мимик диаграммалар, шунингдек, ёрдам чақириш тугмалари билан жиҳозланмоқда.

«Тактил ер белгилари пассив техник сигнализация воситалари бўлиб, хавфсиз йўналишларни, уларнинг бошланғич нуқталарини ва йўналишнинг ўзгаришини кўрсатиш, шунингдек, кўриш қобилияти заиф одамларни терминаллар ва унинг атрофидаги йўналишлардаги тўсиқлар ва хавфли жойлар ҳақида огоҳлантириш учун қўлланилади», – дейилади хабарда.

Аэропорт терминалларига кириш жойларида ёрдам чақириш тугмалари ҳам ўрнатилади – имконияти чекланган йўловчилар ёки қўшимча ёрдамга муҳтожлар йўловчиларга керакли ёрдамни кўрсатиш учун зарур жиҳозлар (ногиронлар аравачаси, замбил ва бошқалар) билан қуролланган аэропорт ходимларини чақиришлари мумкин бўлади.

Мазкур чора-тадбирлар Президентнинг 2024-йил 18-июлдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.