Тошкент аэропртида илк бор опера флешмоби ўтказилди
Тошкент халқаро аэропортида дирижёр Комолиддин Ўринбоев бошчилигидаги Ўзбекистон симфоник оркестри флешмоб ўтказди. Тадбир шу кунларда пойтахтнинг турли жойларида бўлиб ўтаётган кенг кўламли опера фестивалининг бир қисмига айланди, дея хабар беради Uzbekistan Airports компанияси.
23 май куни Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залида тўсатдан Бетховеннинг тўққизинчи симфониясидан парча янгради. Йўловчилар қаердан куй янграётганнини қидира бошлаган бир пайтда, оломон орасидан қўлларида чолғу асбоблари билан одамлар кетма-кет чиқиб кела бошлади. Бутун оркестр залга йиғилганда, йўловчилар орасидан опера овозлари янграй бошлади.
«Флешмобнинг ғояси шундан иборат эдики, мусиқачилар ва вокалчилар оддий кийимларда, залнинг турли бурчакларидан чиқишади ва уларни йўловчилар ва аеропорт ходимларидан ажратиб бўлмайди. Бу жуда ноодатий эди. Юкларини кутаётган йўловчилар залда оркестр ва ҳақиқий опера санъаткорларини кўришни кутмаганлиги аниқ. Шунинг учун биз битта бундай чиқиш етарли эмас деб қарор қилдик ва бир неча соатдан сўнг иккинчи флешмобни ўтказдик», – дея таъкидлади Uzbekistan Airports бошқарув компанияси матбуот хизмати.
Акцияда жами 80 нафар мусиқачи ва 35 нафар вокалчи иштирок этди. Оркестр Бетховеннинг тўққизинчи симфониясидан парчалар, “Она юртим оҳанглари”, “Андижон полкаси” ва Ботир Зокировнинг “Умид” композициясини ижро этди. Умуман олганда, маданий флешмоб Москва, Дубай, Тель-Авив, Жидда ва Франкфуртдан келган 800 га яқин йўловчини қамраб олди.
Қайд этиб ўтамиз, 8-29 май кунлари давом этадиган опера фестивали Ўзбекистон симфоник оркестри билан биргаликда пойтахт ҳокимлиги томонидан ташкиллаштирилмоқда. Фестивалдан кўзланган мақсад опера санъатини оммалаштириш ва мумтоз мусиқа концертларига имкон қадар кўпроқ томошабинларни жалб этишдан иборат.
Шарҳлар