Тошкент автобуслари электрон тўлов тизимига ўтишга тайёрми?
2025 йил бошидан Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти тизимида янги давр бошланиши кутилмоқда: нақд пул тўловларидан воз кечилиб, тўлиқ автоматлаштирилган тўлов тизимига ўтиш режа қилинган. Бу ҳақида Транпорт вазири Илҳом Маҳкамов жорий йилнинг 18 октабр куни “Транспорт соҳасидаги ислоҳотлар, давлат хусусий шерикчилик лойиҳалар ва халқаро ҳамкорлик жараёнларининг соҳадаги ўрни” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда эълон қилган эди. Ушбу ўзгариш аҳолининг тўлов маданиятини ривожлантириш, қатновни замонавий ва қулай қилиш, ҳамда шаҳар транспорт тизимини рақамли бошқарувга йўналтиришни кўзда тутади
Янги тизимга ўтиш нафақат тўлов тизимини замонавийлаштириш, балки жамоат транспорти хизматларида муҳим қулайликларни таъминлашни ҳам назарда тутади. Автобус бекатларига ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи инфокиосклар ўрнатилиши йўловчиларга нақд пул билан тўлов қилиш ўрнига электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантиради. Тошкент шаҳри учун бу катта аҳамиятга эга бўлиб, шаҳар аҳолиси аввалдан карта ва QR орқали тўлов тизимига ўтишни бошлаган бўлса-да, мазкур янги тизим соҳа самарасини оширади.
Транспорт вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, бугунги кунда 51 ва 115-сонли автобус йўналишларида синов сифатида 18 та тўхташ бекатида инфокиосклар ўрнатилган ва айрим автобусларга QR-код орқали тўлов қилиш имкониятлари татбиқ этилган. Бу жараён тўлов инфратузилмаси кенгайтирилиши билан бирга, чиптачилар ўрнига автобус назоратчилари фаолият юритадиган янги моделга ўтишни ҳам ўз ичига олади.
Маълумотларга кўра, Транспорт вазирлиги яқин йилларда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида электробуслар ҳаракатини жорий қилиш, шунингдек, умумий автобус паркини кенгайтириш мақсадида 1294 та янги автобус сотиб олишни режалаштирмоқда. Шаҳарларнинг экологик муаммоларини ҳисобга олган ҳолда, электробусларнинг киритилиши муҳим қадам ҳисобланади. Мазкур қадам, айниқса, 2030-йилгача электробуслар сонини 2000 тага етказиш режаси билан уйғунлашади, бу эса нафақат экологик, балки иқтисодий фойда келтиради. Энергия тежовчи электробуслар ёқилғи сарфини камайтиради ва шаҳарларни тоза ҳаво билан таъминлашда ҳам сезиларли ўзгаришлар яратади.
Шу билан бирга, янги тизимга тўлиқ ўтиш учун айрим қийинчиликлар ҳам мавжуд. Тўлов маданиятини ривожлантириш ва аҳолини янги тизимга мослаштириш вазифаси маълум вақт талаб қилади. Ўзгариш жараёнида техник хизмат кўрсатиш, ўқув машғулотлари ва тушунтириш ишлари муҳим ўрин тутади. Автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилгач, нақд пулга тўлов қилиш имкони бўлмаслиги бу тизимга ўтишни қийинлаштириши мумкин. Шунинг учун транспорт вазирлиги аҳолига янги тизимни ўзлаштириш ва унга қулайлик яратиш учун дастлабдан кўп йўналишда чора-тадбирлар ишлаб чиқиши лозим.
Тошкент шаҳри транспорт тизимининг автоматлаштиришга ўтаётгани катта салоҳиятга эга лойиҳа бўлиб, замонавий инфратузилмани шакллантириш, экологик аҳволни яхшилаш ва шаҳар аҳолиси учун қулай транспорт тизимини яратиш каби мақсадларни ўз ичига олади. Агар муваффақиятли амалга оширилса, бу модел бошқа ҳудудлар учун ҳам намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Автоматлаштирилган тизимга ўтиш билан, Тошкент шаҳри нафақат транспорт қулайлиги, балки экологик ва иқтисодий самарадорлиги ошган, рақамли трансформацияга мослашган замонавий шаҳарга айланишига йўл очилади.
Янги тизим, хусусан, тўлов маданияти, технологияга мослашув ва шаҳар экологиясини яхшилашда узоқ муддатли фойда келтириши кутилмоқда
Муаллиф: Илҳомжон Собиров
*Реклама ҳуқуқи асосида
Шарҳлар