«Тошкент-Душанбе» йўлида жойлашган йўл ўтказгичлар фойдаланишга топширилди

Мустақилликнинг 33 йиллиги арафасида Сирдарё туманининг Зиёкор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи, халқаро аҳамиятга эга бўлган М34 «Тошкент-Душанбе» йўлининг 82-километрида жойлашган йўл ўтказгичи реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилди.

Мазкур йўл ўтказгичнинг  қурилиш ва реконструкция  ишлари «Кўприкқурилишфойдаланиш» унитар корхонаси ишчи хизматчилари томонидан амалга оширилди.

Йўл ўтказгич туфайли автотранспорт  воситалари ва аҳолининг хавфсиз ҳаракатланиши учун шарт-шароит яратилиб, 141 метр металл безакли ҳимоя панжаралари, 4127 метр металл ҳимоя тўсиқлари, 96 дона икки шохли руҳланган металл ёритиш устуни, 290 дона қуёш панели ёритиш чироғи, 108 дона йўл белгиси ўрнатилди.

«Сирдарёда ишга туширилган йўл ўтказгич реконструкциядан олдин йўловчи, автотранспорт воситаларининг ўтиб-қайтиш талабларига жавоб бермай қолганди. Давлат раҳбарининг эътибори сабаб, йўл ўтказгич қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Бундан нафақат биз, туман, вилоятимиз аҳли, қолаверса, йўлдан ўтувчи маҳаллий ва халқаро аҳамиятга эга бўлган автотранспорт воситалари ҳайдовчилари мамнун бўлди», — дейди меҳнат фахрийси Акбарали Мирзааҳмедов.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.