Тошкент электр тармоқлари корхонаси пойтахтда электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди
«Тошкент шаҳар электр тармоқлари» корхонаси сўнгги кунларда Тошкентнинг қарийб барча туманларида электр энергияси таъминотидаги узилишлар кузатилаётгани юзасидан изоҳ берди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари кунига бир неча марта электр узилишлари кузатилаётгани, светофорлар ишламай қолаётгани, сув босими тушгани ва электр узилишлари билан боғлиқ бошқа муаммолар ҳақида хабар беришмоқда, деб ёзади “Газета” нашри.
Тошкент ЭТКнинг маълум қилишича, шу кунларда республиканинг барча ҳудудларида ҳаво ҳароратининг аномал исиб кетиши натижасида айрим жойлардаги трансформатор пунктларида истеъмол юкламаси ортиши кузатилиб носозликлар келиб чиқмоқда.
Ҳозирда, Тошкент ЭТК ҳамда унинг тасарруфидаги туман электр таъминоти корхоналарининг ишчи-ходимлари томонидан аварияга қарши бригада ишчи-гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этиш ишлари кечаю кундуз олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда 2022−2023 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида, электр узатиш тармоқлари тизимидаги модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди. Ушбу ишларни хавфсиз бажариш мақсадида, «режа-график асосида электр энергияси таъминотини тармоқдан ажратилган ҳолда таъмирлаш ишлари бажарилмоқда».
Тошкент ЭТКнинг эслатишича, юқори ҳаво ҳароратида ортиқча юклама билан ишловчи электр тармоқларида қисқа туташув юзага келиши эҳтимоли ортади. Шу боис, мутахассисларни жалб қилган ҳолда хонадонларда тортилган электр симларининг яроқлилигини, электр энергиясининг уланиш нуқталари тўғри изоляция қилинганини текшириш тавсия қилинди.
Шарҳлар