Тошкент метрополитенининг икки бекати йил охиригача ёпилади
Юнусобод йўналишининг «Туркистон», «Юнусобод» бекатлари 2023 йил 26 август санасидан бошлаб 4 ой муддатга ёпилади ва бу муддат давомида режали профилактик ишлар амалга оширилади. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати хабар беради.
Тошкент метрополитени йўловчиларга ноқулайлик ҳосил қилмаслик мақсадида, “Туркистон-Юнусобод–Шаҳристон» метро бекатлари оралиғида бепул хизмат кўрсатувчи катта сиғимли автобуслар (метробус) ҳаракати йўлга қўйилади, дейилади хабарда.
Ушбу автобусларнинг кунлик иш вақти тонги 06:00 дан тунги 00:00 га қадар амалга оширилади.
Шунингдек, поездлар ҳаракати «Шаҳристон» ва “Минг Ўрик” бекатлари оралиғида одатий тарзда ҳаракатланиши давом этади ва бу йўналишда поездлар ҳаракати оралиқ вақти 5 дақиқагача қисқартирилади.
Метрополитеннинг қайд этишича, Юнусобод йўналишидаги «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари қарийб 3 йилдан буён йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, метро поездлар ҳаракати ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида, ер ости метро тоннелари ва бекатлари маълум муддат эксплуатация қилинганидан сўнг, режали профилактик ишларни амалга ошириш лозим.
Шарҳлар