Тошкент метросида мода намойишини ўтказган моделлардан тушунтириш хати олинди
22 июль куни тармоқларда Rixdinas номи билан танилган модель ва дизайнер Мадина Махмудова Тошкент метрополитенида Cosmodinass брендидаги кийимларни намойиш қилди. Видео моделнинг Instagram`даги саҳифасига жойланганидан сўнг у Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига чақирилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти моделлар билан тушунтириш ишлари олиб борилганини тасдиқлаб, видеода жамоат тартиби ёки метрополитендан фойдаланиш қоидалари бузилмаганини қўшимча қилиб ўтди.
Департаментнинг қайд этишича, метрополитен бекатлари ва вагонларида оралиқ масофа чеклангани, темир йўл изларида юқори кучланиш мавжудлиги ҳамда метрополитендан фойдаланиш вақтида бошқа фуқароларга ноқулайликлар туғилмаслиги ёки улар томондан эътирозлар келиб тушишининг олдини олиш учун ҳар қандай тадбирлар «Тошкент метрополитени» раҳбариятининг ёзма рухсати ва МХТБ ходимларининг назорати остида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.
«Шу сабабдан юқоридаги видеони олган фуқаролар МХТБга чақиртирилган, бундай тадбирларни ташкиллаштиришдан олдин „Тошкент метрополитени“ ДУК билан келишилган ҳолда ўтказилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган», — дейилади департамент баёнотида.
Шарҳлар