Тошкент пропискасини бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳалигача парламентга киритилгани йўқ
Ўзбекистон ҳукумати “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ҳалигача киритгани йўқ. Бу ҳақда Kun.uz нашри ёзади.
Нашр сўровига жавобан Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати ушбу лойиҳа уларга етиб келмаганини маълум қилди.
Фармонда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш учун ҳукумат жорий ҳафта охиригача тегишли қонун лойиҳасини киритиши лозим.
8 май куни имзоланган фармонда фуқароларни яшаш жойи тўғрисида хабардор қилиш тартибини жорий этиш ҳам назарда тутилган. Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлигига янги механизмларни назарда тутувчи президент қарорининг лойиҳасини тайёрлаш учун 1 ой муддат берилганди.
Вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов бу борадаги саволга жавоб берар экан, тегишли комиссия томонидан олиб борилаётган ишлардан хабардор эканини айтиб, аниқ маълумот учун таҳририят расмий хат билан мурожаат қилиши кераклигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатга олиш тўғрисидаги қонунга кўра, фақат 12 тоифадаги шахслар доимий пропискага киришлари мумкин.
Бу эса фуқароларнинг Конституциянинг 32-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, бўлиш жойи ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилади.
Шарҳлар