Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда икки нафар фуқаро ўзаро жанжаллашганлиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур видеотасвир Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганилганда, қуйидагилар маълум бўлган.
Жорий йилнинг 25-октябрь куни тахминан соат 18.20 ларда Матиз ва Spark русумли автомашина ҳайдовчилари – 1998-йилда туғилган М.Ж. ва 1997-йилда туғилган U.S.lar Сергели тумани, Янги Сергели кўчасида ҳаракатланган вақтида йўл талашган. Сўнг ҳайдовчилар автомашинасидан тушиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан йўлнинг қатнов қисмида жамоат тартибини бузиб ўзаро уришишган.
Ҳайдовчилар бу ҳолат юзасидан муқаддам ИИОга мурожаат қилмаган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчиларга нисбатан Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун жиноят ишлари бўйича туман судига тақдим этилган.
Ҳурматли ҳайдовчилар, йўлларда ҳаракатланаётганингизда нафақат ўзингиз, балки йўловчилар ва пиёдаларнинг ҳаёти учун ҳам масъул эканлигингизни унутманг. Йўлларда ҳаракатланиш маданиятига риоя этинг!
Шарҳлар