Тошкент шаҳар ҳокимлиги 1,5 млрд сўмга ўқитувчилар учун ягона формага буюртма берди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт мактабларидаги ўқитувчилар учун бир хил кўринишдаги формаларни тайёрлаб, етказиб бериш бўйича буюртма берди. Ҳокимликнинг шу ҳақдаги ҳужжати тасвири ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди; ҳужжатда пойтахт ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дурдона Раҳимованинг имзосини кўриш мумкин, деб ёзади «Газета.uz» нашри.
Унга кўра, ҳокимлик ҳар бирининг таркибида кўйлак, юбка, галстук, жакет (нимча) ва кофта бўлган 1200 комплект (тўплам) формага буюртма берган. Бунинг учун шаҳар маъмурияти томонидан 1,5 млрд сўм ажратилган (бир тўплам нархи 1,25 млн сўм).
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов билан суҳбатда Тошкентдаги мактаб ўқитувчилари учун форма жорий этиш ташаббуси пойтахт ҳокимлигининг ўзидан чиққанини таъкидлади. Бу ташаббусни амалга оширишдан аввал бирор давлат тажрибаси ўрганилмаган ва бундай мақсад ҳам йўқ.
«Ҳамма касб эгаларининг ўз шарафли формаси бор, кўрган одам уларнинг қай соҳада ишлашини бир қарашда билади. Формани йўлга қўйишдан мақсад жамоат жойларида ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, ёш авлодда уларга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантиришдан иборат. Мактаб директорлари барибир педагогларга форма кийдиртиради, ҳар бир ўқитувчи 2 млн сўмгача бўлган нархларда форма сотиб олади. Ҳозир қай бир мактабга борманг, ўқитувчилар устида турли рангдаги костюмлар, кофталарни кўрасиз. Биз эса ҳамма педагоглар бир хил формада бўлишини истаб, шу ташаббус билан чиқдик», — деди у.
Унинг айтишича, формани йўлга қўйишдан олдин мактаб директорлари ва ўқитувчиларнинг фикри ўрганилган, таклифлари эшитилган.
«Бу форма мажбурий эмас. Буни ўқитувчиларга ёрдам сифатида кўриш мумкин. Улар орасидаги эътиборга муҳтожларига, қисман бўлса-да, кўмаклашмоқчимиз. Мисол учун, бирор ўқитувчи бир ёки икки нафар фарзандини шартнома асосида олий ўқув юртида ўқитаётган бўлса, ўзи учун форма харид қилишда қийналади. Шу нуқтаи назардан ҳам шундай педагогларга ёрдам бериш мақсад қилинган», — деди ҳоким ўринбосари.
Дурдона Раҳимованинг сўзларига кўра, бу амалиёт янги эмас — 2022 йил баҳорида ҳам 3 минг нафар ўқитувчига форма харид қилиниб, тарқатилган.
«Ўша формаларни ҳам шаҳар ҳокимлиги харид қилиб, бепул тарқатган. Педагоглар ҳозиргача хурсанд бўлиб, киймоқда. Бошқа ўқитувчиларга ҳам босқичма-босқич олиб беряпмиз. Шу жараённинг давоми сифатида 1 200 нафар ўқитувчига форма сотиб олиш кўзда тутилган. Битта педагог формасининг нархи 1,25 млн сўм дейилган, аммо бу энг юқори нарх. Ўқитувчилар бозордан юбка, кофта ва бошқаларни оламан деса, анча қимматга тушади. Биз эса уларга маҳаллий бюджетнинг ортиб қолган қисмидан ажратилган маблағга форма харид қилиб, бепул тарқатяпмиз», — қайд этади у.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарининг маълум қилишича, ҳозирда пойтахтда 317 та умумтаълим мактаби бўлиб, уларда 23 минг нафар педагог фаолият юритади.
Шарҳлар