Пойтахт ҳокимлиги экологияни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқаётганини билдирди

Фото: Aktualno.uz

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда пойтахтда экологик вазият ёмонлашаётгани, ҳаво ифлосланиши, йўлларда тирбандликлар кўпайиб бораётгани кенг муҳокама бўлмоқда.

«Энг аввало юртдошларимизга бу каби оғриқли масалаларга бефарқ бўлмасдан, ўз фикр ва таклифлари билан муҳокамаларда иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирамиз. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан пойтахтдаги вазиятни яхшилаш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда», – дейилади хабарда.

Бунда энг аввало экологик барқарорликни таъминлаш, ҳавога чиқаётган маиший чиқиндиларни камайтириш, жамоат транспорти тизимини ҳам сифат, ҳам сон жиҳатдан яхшилаш, йўлларда устуворликни машиналарга эмас, энг аввало пиёдаларга, ундан сўнг жамоат транспортига беришга қаратилган инфратузилмани яратиш ва шу каби бир қатор ўзгаришларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

«Экологик ҳолатни яхшилаш ва аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш мақсадида айрим кескин қарорларни қабул қилиш талаб этилади. Шу сабабли мазкур қарорлар келгусида салбий оқибатларни келтириб чиқармаслиги учун илмий тадқиқотлар ҳамда таҳлилларга асосланган бўлиши зарур. Айни кунларда шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ҳар бир йўналиш бўйича, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, ишчи гуруҳлар фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир ишчи гуруҳнинг таҳлилий хулосалари асосида пойтахт миқёсида қилинадиган амалий чоралар ҳақида тақдимот тайёрланмоқда», – дейилган.

Тез орада ушбу тақдимот кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади.

Биз яна бир бор пойтахтни яхшилаш масаласига бефарқ бўлмаган фаол ва фидойи юртдошларимизга миннатдорлик билдирамиз. Сизнинг ҳар бир фикрингиз биз учун муҳим ва биргаликда биз ҳар қандай мураккаб масаланинг ечимини топамиз, – дейилган пойтахт ҳокимлиги мурожаатида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.