Тошкент шаҳар прокуратураси катта прокурори аралашган жиноят фош бўлди
Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи, махсус техникалар билан хизмат кўрсатишга ихтисослашган МЧЖ раҳбари 2021-йилда кўп функцияли бурғулаш ускунаси олиб келиш мақсадида Хитой давлати компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси орқали шартнома тузади ҳамда банкдан олган 1 млн. 71 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағини ушбу компаниянинг ҳисоб рақамига ўтказиб беради.
Аммо, шартнома талабларига зид равишда Хитойдан кўп функцияли ўрнига, бир функцияли бурғулаш ускунаси юборилади.
Натижада прокуратура органлари томонидан хорижий компаниянинг мамлакатдаги вакилларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Жиззах вилояти ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилади.
Жиноят иши доирасида ўтказилган экспертизада мазкур ускуна кўп функцияли эканлиги тўғрисида хулоса берилади.
Бундан норози бўлган тадбиркорга эса Тошкент шаҳрида яшовчи шахс ўзининг мансабдор танишлари орқали ускунанинг бир функцияли эканлиги тўғрисида қайта экспертиза тайинлатиш бўйича терговчининг қарорини чиқартириб, экспертиза хулосасини унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб беришни таклиф этади ва эвазига 155 минг АҚШ доллари сўрайди.
Аммо, у 105 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, мазкур шахс ушбу масалани Тошкент шаҳар прокуратурасининг маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими катта прокурори ҳамда унинг воситачиси бўлган, Тошкент шаҳридаги суғурта маркази раҳбари орқали ҳал қилиши кераклиги маълум бўлиб, улар ҳам процессуал тартибда ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Бош прокуратура томонидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Шарҳлар