Тошкент шаҳри ва Наманганда ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдосига чек қўйилди

Foto: Department_uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чилонзор тумани бўлими, ДХХ ва Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.Н. “Киа бонго” русумли юк автомашинасида хорижда ишлаб чиқарилган икки турдаги жами 3 900 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини Тошкент шаҳарида тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи шахсларга ўтказиш мақсадида олиб келганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, Департаментнинг Мингбулоқ тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қонунга хилоф равишда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган А.У. харидорга хорижда ишлаб чиқарилган 10 қути акциз маркасиз “ЭССE Чанге” номли тамаки маҳсулотини 380 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, тадбир давомида ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий баҳоси 49 млн сўмлик 2 200 қути тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.