Тошкент вилояти ҳокими Чирчиқда уйларни сотишда коррупцион схема мавжудлигини билдирди
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 17 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда вилоятда уй-жой қурилиши билан боғлиқ вазиятни танқид қилди, деб ёзади “Газета” нашри вилоят ҳокимлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда.
Тошкент вилоятидаги «Янги Ўзбекистон» уй-жой қурилиши лойиҳаси доирасида Чирчиқ, Олмалиқ ва Нурафшон шаҳарларида 3088 хонадонли 59 та уй қурилиши режалаштирилган, бироқ лойиҳалар белгиланган муддатдан кечикмоқда, уйларни сотиш жараёни шаффоф эмас, деди ҳоким.
Унинг таъкидлашича, Чирчиқ шаҳридаги «Ифтихор» маҳалла фуқаролар йиғинида бешта пудратчи ташкилот томонидан 20 уйнинг қурилиш ишлари якунига етказилган.
«Бу 49 фоиз [дегани]. Мен бориб уйларни кўрдим — маймунхона бўлиб ётибди. Бу қурилиш майдончаси эмас. [У ерга] ҳоким ҳам бормаган, сектор [раҳбарлари] ҳам бормаган, ҳеч ким бормаган», — деди Зойир Мирзаев.
Вилоят ҳокими Чирчиқ шаҳар ҳокими Даврон Ҳидоятовга мурожаат қилган, аммо у йўқ бўлгани учун унинг ўрнига ўринбосари жавоб берган, вилоят раҳбари дарҳол унинг гапини тўхтатиб, Чирчиқ шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарини ишдан бўшатиш ҳақида кўрсатма берди.
Вилоят ҳокими Чирчиқ шаҳридаги уй-жойларни сотишда коррупцион схема мавжудлигини таъкидлади.
«„Откат“ оляпти, „шапка“ оляпти, иккита одам бошқаряпти. Сизларнинг буни очгиларинг келмаяпти, вилоятдан туриб очиб беришимизни кутяпсизлар. Одамларда тўғридан тўғри уйни сотиб олиш мумкин деган ишонч йўқолган Чирчиқ шаҳрида. Қурилиш ташкилотига мана бу домни битказдингми деган сўров йўқ. Мени 85−90 фоизи тайёр деб бир уйга олиб кирди жаноб ҳоким, 50 фоиз ҳам тайёр эмас. Бешинчи қаватга чиққанидан кейин, ўзи ҳам биринчи марта чиқди бешинчи қаватга жаноб Ҳидоятов, тили калимага келмай қолди», — дейди Зойир Мирзаев.
Вилоят раҳбари аҳолини уй-жой билан таъминлашга масъул бўлган раҳбарларни «инсофсиз» деб атади.
Шарҳлар