Тошкент вилояти ҳокими Қибрайда ҳоким ўринбосарларини ва давлат органларининг раҳбарларини ишдан бўшатди
17 августда бўлиб ўтган Халқ депутатлари кенгаши сессиясида Музаффар Аброрович Рашидов Қибрай туман ҳокими этиб тасдиқланди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.
Шунингдек, Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокими ўринбосарлари, ҳокимликнинг бошқа барча мутахассислари вазифасидан озод қилинди. Қайд этилишича, уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилади, «тоза» чиқса, кейин ишини давом эттиради.
Шунингдек, тумандаги (ҳуқуқ-тартибот идораларидан ташқари) барча давлат ташкилотларининг раҳбарлари ҳам лавозимидан озод қилиниши белгиланди. Уларнинг фаолиятига ҳам бир ҳафта ичида баҳо берилади.
Зойир Мирзаев туманда қарийб 20 минг фуқаро мигрант сифатида хорижда бўлиб турганини таъкидлаб, буни «Қибрай учун ярашмайдиган ҳолат» деб атади. Туманда олти ой якуни бўйича саноат маҳсулотлари, ўтган йилга солиштирганда, ишлаб чиқариш ҳажми ўзгармагани, 8 та корхона ўз фаолиятини тўхтагани айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, аҳоли сонига нисбатан 84 та сартарошхона, гўзаллик салонлари сингари хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари тақчил. KPI тизими бўйича туман маҳалларидаги ҳоким ёрдамчилари умумий 76 бал олган, бу кўрсаткич вилоятда 13 ўрин ҳисобланади.
«Салоҳиятли тадбиркорлар Қибрайда ошкоралик, адолат бўлишига ишонмайди. Экспортёр корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш йўқ. Натижада кейинги 2 йилда туманда ишлаётган 7 та экспортёр корхона бошқа туманларга ҳисоб рақамини кўчириб олиб кетган. Демак, улар бу ердаги мутасаддилар билан ишлашни хоҳламаган» — деди вилоят ҳокими.
Мирзаевнинг сўзларига кўра, Қибрайда қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида жуда кўп қонунбузарлик, бошбошоқлик бор ва буни тартибга солиш вақти келган. Шунингдек, вилоятда энг кўп умумий овқатланиш шохобчалари Қибрайдалиги, бироқ уларнинг аксарияти расман ишга олинмагани бандлик дастурларининг ижросига монелик қилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, туманда яширин иқтисодиётга қарши курашиш, шу мақсадда туман ҳокими раислигида махсус ишчи гуруҳ тузиш кераклиги айтиб ўтилди.
Туманда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг атиги 8 фоизи қайта ишланиши «оғриқли масала» дея қайд этилди.
Вилоят ҳокими кадрлар билан ишлашнинг «Қибрай тажрибаси» жорий қилиниши билдирди. «Бўшаган ўринларга, туман ташкилотларига танлов асосида ёппасига ёшлар ишга олинади. Қибрайга шу тариқа „янги қон“ қуйилмаса бўлмайди», — деди ҳоким.
Ҳудудда 4000 бола учун боғчада жой йўқлиги, мактабгача таълимга қамров 67 фоиз экани кўрсатилиб, бу Қибрай учун «шармандали ҳолат» дея баҳоланди. Қайд этилишича, тумандаги 16 та маҳаллада биттаям боғча йўқ.
«Туманда мурожаатлар билан ишлаш аянчли, 1697 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан атиги 8 фоизи ижобий ҳал этилган, холос. 28 та қабул, 128 та фуқаро. Яъни битта қабулда ўртача 4 та фуқаро қатнашган. Ҳоким қабул ўтказса, 4 нафар фуқаро келибди. Ким ишонади бунга? Кўзбўямачилик-ку бу?!» — деди Зойир Мирзаев.
Шарҳлар