Тошкент вилояти шаҳарларининг бош режалари Совет Иттифоқи даврида ишлаб чиқилиши керак эди
1991 йил 30 апрелда Ўзбекистон ССР президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган бўлиб, унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини 2010 йилгача ривожлантириш бош режасининг техник-иқтисодий асослари тасдиқланиши кўзда тутилган эди. Anhor.uz бунга эътибор қаратди.
Ҳужжатга кўра, ЎзССР Давлат қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Давлат архитектура қўмитаси, Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси ва Тошкент вилоят ижроия қўмитаси Тошкент вилояти шаҳарларининг бош режаларига тузатиш киритиш ва ишлаб чиқишни 1991-1995 йилларда якунлаши керак эди.
Тошкент вилоят ижроия қўмитаси ва Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси 1991 йилдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бошқа шаҳарлари ерларининг кадастрларини, уй-жой фондини, бошқа биноларни ва муҳандислик тизимларини инвентаризация қилишни таъминлаши керак эди. Шу асосда маълумотлар банки яратилиши ва шаҳарсозликда жорий этидиши; бош режа лойиҳасига мувофиқ якка тартибдаги уй-жой қурилиши, шунингдек боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари учун ер участкалари ажратилиши белгиланган тартибда амалга оширилиши лозим эди.
Тошкент шаҳар ижроия қўмитасига ЎзССР Маданият вазирлиги, ЎзССР Давлат қурилиш қўмитаси билан биргаликда 1991 йилда Тошкент шаҳрининг асосий тарихий-архитектура режасини, қўриқлаш ва ривожланишини тартибга солиш зоналарини, моддий маданият ёдгорликлари мажмуасини тасдиқлаш топширилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳасида пойтахтдан шарқда Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида “Янги Тошкент” ақлли шаҳарчаси қурилиши ҳақида хабар берилган эди. Бош режани ишлаб чиқиш бир неча бор кейинга қолдирилди.
Айни пайтда Тошкент вилоятидаги барча шаҳарлардан фақат Нурафшон шаҳри бош режага эга.
Шарҳлар