Тошкент вилоятида 23 та “Яшил боғ” барпо этилади

Foto: gov.uz

“Очиқ бюджет” («Опен бюджет») ахборот портали орқали “Менинг боғим” лойиҳалари учун овоз бериш жараёни якунланди. Натижаларга кўра, Тошкент вилоятининг 22 та шаҳар ҳамда туманида 23 та “Яшил боғ” барпо этилади. Бу боғларда аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун замонавий шароитлар яратилади.

“Яшил боғ” қурилиши жорий йилнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси куз мавсумидан бошланади. Ҳар бир боғда майдонидан келиб чиқиб 500 тадан 150 минг тупгача манзарали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилган. Хусусан, Тошкент вилоятининг Бўка тумани аҳолиси ташаббуси билан энг кўп овоз тўплаган Жағалбайли МФЙ ҳудудида 0,1 гектар майдонда боғ барпо қилиниб, тупроқ, иқлим шароитига кўра каштан, япон сафораси, қайрағоч, шумтол каби манзарали дарахтлар экилади. Замонавий суғориш тизимлари йўлга қўйилади, агротехник тадбирлар мунтазам олиб борилади.

Шунингдек, Бекобод тумани Қорақўйли МФЙда 1,12 гектар (га) майдонда, Оҳангарон шаҳри Ёшлик МФЙда 0,8 га майдонда, Оҳангарон тумани Қорахитой МФЙда 1,0 га майдонда, Оққўрғон тумани Султонобод МФЙда 0,5 га майдонда “Яшил боғлар” барпо этилади. Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани, Олмалиқ шаҳри, Чирчиқ шаҳри, Чиноз тумани, Юқори Чирчиқ тумани, Пискент тумани, Нурафшон шаҳри, Зангиота тумани, Паркент тумани, Янгийўл тумани, Ангрен шаҳри, Ўрта Чирчиқ тумани, Бўстонлиқ тумани, Қибрай тумани, Тошкент туманида ҳам “Яшил боғлар” яратилади.

Маълумот учун, “Менинг боғим” лойиҳалари учун овоз бериш 27 июндан 7 июлга қадар давом этди. Якуний натижаларга кўра жорий йилда Республикамизнинг жами 208 та туман ва шаҳарларида “яшил боғ” ва “яшил жамоат парки” барпо этилади. Бунинг учун жами 52 млрд сўм маблағ ажратилган бўлиб, туман ва шаҳарларда 250 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорда тенг тақсимланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.