Тошкент вилоятида 500 кв кучланишли рақамли подстанция қурилади

Фото: Министерство энергетики

Президентнинг “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида электр энергияси таъминоти барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан, Жаҳон банки кредит маблағлари иштирокида, “Янги 500 kV кучланишли “Ҳалқа” нимстанцияси ва 220, 500 kV кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар беряпти.

«Лойиҳа доирасида Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида 500 kV кучланишли рақамли “Ҳалқа” подстанциясини қуриш белгиланган. “Ҳалқа” подстанцияси 1602 МВА ўтказувчанлик қувватига эга бўлиб, унинг ишга туширилиши натижасида Тошкент шаҳри истеъмолчиларининг электр таъминоти ишончлилиги оширилади. Шунингдек, Тошкент вилоятидаги “Келес” подстанциясига тушадиган юкламани камайтиришга эришилади», – дейилади хабарда.

Подстанция қурилиш ишларини “тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида амалга ошириш бўйича халқаро тендер савдолари натижаларига кўра “Ўзэлектроаппарат-Электрошит” АЖ ғолиб деб топилди ва шартнома имзоланди.

Лойиҳа қурилиш-монтаж ишларини 2024-йил якунига қадар якунлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, “Ҳалқа” подстанциясини “Сирдарё” ИЭС ва энергетика тизимининг бошқа подстанциялари билан боғлаш учун Тошкент вилояти (Қуйи Чирчиқ, Зангиота, Янгийўл, Оққўрғон ва Пискент туманлари) ҳамда Сирдарё вилояти (Сирдарё тумани) ҳудудида 213 км узунликдаги 220 kV кучланишли, 72 км узунликдаги 500 kV кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.